Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Расмий муносабат: Ўзбекистонда миастения касаллиги 16 хил дори билан даволанади

Ижтимоий тармоқларда миастения касаллигини даволашда қўлланиладиган "Калимин" дори воситасининг тақчиллиги юзасидан хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Миастения – мускулларнинг тез толиқиши билан кечувчи сурункали аутоиммун касаллик бўлиб, дунёда ҳар 100 минг аҳолидан 10-24 нафарида учрайди. Бу хасталик турли ёшда, хусусан, эрта болалик ва кексалик даврида ҳам ривожланиши мумкин.

—  Тиббиёти тараққий этган мамлакатларнинг даволаш стандартларига эътибор қаратадиган бўлсак, Америка неврологлари академиясининг “Миастенияни даволаш бўйича халқаро консенсус йўриқномаси”да (2020 йилда янгиланган) хасталикка қарши қўллаш учун “Холинэстераза ферментининг ингибиторлари” гуруҳига кирувчи воситалар қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, юртимизда ҳам соҳада узоқ йиллик тажриба ва билимга эга олимларнинг тавсиялари асосида Ўзбекистон неврологлари ассоциацияси томонидан ушбу гуруҳга мансуб препаратлар миастенияни даволашда қўлланиладиган дори воситалари рўйхатига киритилган.

Шунингдек, агентликнинг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази томонидан миастения касаллигини даволашда қўлланиладиган 16 турдаги (11 та хорижий ва  5 та маҳаллий) дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, улар тиббий амалиётда фойдаланишга рухсат берилган.

Ўзбекистон неврологлари ассоциацияси берган маълумотларга кўра, бу препаратлар орасида неостигмин метилсульфат (Прозерин), ипидакрин (Медиаторн) ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган галантамин гидробромид таркибли дори воситалари мавжуд бўлиб, даволаш жараёнида уларнинг самарадорлиги кузатилмоқда.

Пиридостигмин бромид (Калимин Н 60) Ўзбекистон Республикасида тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида мавжуд эмас (яъни рўйхатдан ўтмаган) ва унинг фармакологик таъсири Ўзбекистонда ўрганилмаган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech