Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Республикамиз ҳудудида ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди

Бугун пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Uzikkilamchiranglimetall» корхонаси ҳудудида, республикамизда ноқонуний муомаладан мусодара қилинган 1 тонна 350 килограммга яқин наркотик моддалар ёқиб юборилди.

Тадбир аввалида ташкилотчилар ва халқаро жамоатчилик вакиллари иштирокида журналистлар учун брифинг ўтказилди. Матбуот анжуманда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” ДУК Наркотикларни назорат қилиш қӯмитаси раиси Исматжон Азизов иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил - қўшни Афғонистоннинг ҳанузгача гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда етишитирилиши, дунёнинг турли минтақаларига Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорт қилинишидир. Таҳлилларга кўра, бу ерда ўтган йилда 224 минг гектар майдонларда 6,3 минг тонна опий етиштирилган. Ўзбекистонда 2020 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 та жиноят фош этилган. Натижада, 1 тонна 542,6 кг. наркотик моддалар мусодара қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 28,5 фоизга кўпайган.

Таъкидланишича, 2020 йилда 28,4 кг. героин, 124,1 кг. опий, 127,3 кг. гашиш мойи, 323,9 кг. кўкнор, 692,8 кг. марихуана, 223,9 кг. гашиш ва бошқа наркотик моддалар ушлаб қолинган. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳамкорликда аниқланган 301 та ҳолатда 164,6 кг наркотик моддалар, 20 та ҳолатда 2379 дона психотроп таблеткалар ва 13 та ҳолатда 17,2 кг. кучли таъсир қилувчи моддалар ушлаб қолинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech