Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Salvare" МЧЖ корхонаси ўз маҳсулотларини стикерлаш усули орқали рақамли маркировкалашни жорий қилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Доривор ўсимликлар асосида дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Salvare" МЧЖ корхонаси жорий йилнинг 21 октябрь санасидан, дори воситаларини стикерлаш усули орқали рақамли маркировкалаш тизимини аутсорсинг хизмати асосида, ўз ишлаб чиқариш линиясида йўлга қўйди.

Корхонада жорий қилинган тизимнинг ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида "Salvare" МЧЖга ташриф буюрган Давлат марказининг Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рақамли маркировкалаш бўлими вакиллари ходимларга стикерлаш усули орқали рақамли маркировкалашда эътибор бериш керак бўлган муҳим омиллар ҳақида тушунтириш ишларини амалга оширишди.

Маълумот учун, истеъмол қадоқларига қўлланиладиган стикер - дори воситаси ёки тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш учун мўлжалланган, шунингдек, истеъмол қадоғига ёки гуруҳланган қадоғига маҳкамланувчи, рақамли идентификациялаш воситаси шикастланмасдан қадоқдан ажратиб олинишига йўл қўйилмайдиган усулда рақамли идентификациялаш воситасини тушириш учун мўлжалланган қўшимча ёрлиқ (ёпиштирма ёрлиқ) ҳисобланади.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рақамли маркировкалаш бўлими бошлиғи Азиз Абдумаликовнинг таъкидлашича, белгиланган тартибга мувофиқ, рақамли идентификациялаш воситаси бевосита босиб чиқариш йўли билан ёки дори воситаси ва тиббий буюмнинг яроқлилик муддати давомида рақамли идентификациялаш воситалари истеъмолчи қадоқларидан шикастланмасдан ажратиб олинишига йўл қўйилмайдиган усул билан стикер орқали истеъмол қадоқларига қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.

Давлат маркази Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech