Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Самарқанд вилоятида инвестицияларни жалб этиш, ташқи савдони ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга янгича ёндашув

Жорий йилнинг 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Самарқанд вилоятида инвестицияларни жалб этиш, ташқи савдони ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш бўйича янги иш тизимини йўлга қўйиш бўйича вилоят аҳолисига мурожаат қилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарияти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров, тегишли идоралар, қатор тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, шунингдек, вилоят тадбиркорлари ва экспортчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мурожаатда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида белгилаб берилган асосий вазифалар ҳақида сўз борди.

Вилоятнинг 462та маҳалласида 2021-2022 йилларда 30,4 трлн сўмлик 1279 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва шунинг ҳисобига 25,8 мингта янги иш ўринлари яратилиши маълум қилинди. Инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг янги тизими жорий этилиши қайд этилди. Тизим лойиҳа жараёнининг барча босқичларини, жумладан, инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш, ташаббускорларни қидириш ва танлаш, ер участкалари, кредит ресурсларини ажратиш, коммунал тармоқларга уланишни таъминлаш ва бошқа масалаларни қамраб олади.

Вилоятда экспорт фаолиятини тизимли қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди. Жорий йилнинг январь - апрель ойларида Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан Самарқанд вилояти экспортчиларига молиявий кўмак бериш, жумладан, чет элга етказиб бериш учун транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаш, суғурта хизматларидан гаров сифатида фойдаланганда суғурта мукофотлари қийматини, халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш ва зарур сертификатлар олиш билан боғлиқ ҳамда бошқа харажатларни қоплаш учун маблағ ажратилаётганлиги қайд этилди. Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига экспортчиларга айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ресурсларини ажратиш механизми ҳам мавжуд – жорий йил бошидан буён экспорт қилувчиларнинг аризаларига кўра, шу тарзда 570 млрд сўмга яқин маблағ ажратилди.

Мутасадди раҳбарларнинг экспорт қилувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспорт фаолиятини рағбатлантириш борасидаги фаолияти кенгайтирилиши таъкидланди.

 

Тадбир давомида иқтисодий ривожланиш “драйверлари”ни ишга солиш тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Улар қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат, кимё, металлургия саноатидан иборатдир. Мазкур мавзу давомида Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбарияти томонидан вилоятнинг инвестиция салоҳиятини ошириш борасидаги долзарб вазифалари ва янги инвесторларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Йирик тижорат банклари раҳбарлари томонидан вилоятда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга молиявий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва йирик саноат лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини ошириш масалалари ҳақида маълумот берилди.

Алоҳида тартибда Ургут туманини инновацион махсус иқтисодий зонага айлантириш ва бошқа туманларда унинг филиалларини ташкил этиш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифани бажаришга қаратилган биринчи даражали чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари”уюшмаси, “Ўзтўкимачиликсаноат" Уюшмаси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Экспортга кўмаклашиш агентлиги раҳбарлари сўзга чиқди. Ҳудудий энергия таъминоти тизими, транспорт инфратузилмаси, туризм соҳасини ривожлантириш, шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш ташаббусларини амалга ошириш ва ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини яратиш бўйича устувор вазифалар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзиларини қизиқтирган мавзулар бўйича саволлар бериш ва тегишли давлат идоралари раҳбарларидан тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўлдилар.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech