Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Санкт-Петербург тиббиёт ва фармацевтика саноати кластери" ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида икки томонлама келишув имзоланди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон иқтисодиётнинг қатор тармоқ вакиллари хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва маҳаллий фармкомпаниялар вакилларидан иборат бизнес миссия гуруҳи “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси доирасида Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турибди.

Тадбирнинг иккинчи кунида "Ўзбекистон фармацевтика саноати, экспорт салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Мазкур мажлисда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Aкбаров Ўзбекистоннинг фармацевтика салоҳияти ва инвестицион жозибадорлиги, хусусан, хориж инвесторлари учун қатор имтиёзларни тақдим этувчи эркин иқтисодий зоналар ҳақида тақдимот ўтказиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

Ялпи мажлис якунида "Санкт-Петербург тиббиёт ва фармацевтика саноати кластери" ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида икки томонлама келишув имзоланди.

Келишувни "Санкт-Петербург тиббиёт ва фармацевтика саноати кластери" номидан директорлар кенгаши вакили Дмитрий Чагин ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги номидан директорнинг биринчи ўринбосари Дилшод Aкбаров имзолади.

Маълумот учун, дори воситалари, тиббий асбоблар ва фармацевтик субстанциялар ишлаб чиқариш ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган "Санкт-Петербург тиббиёт ва фармацевтика саноати кластери" 2010 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда мазкур инновацион ҳудудий кластердаги фармацевтика корхоналар сони 174 тадан иборат.

Ва ниҳоят бизнес миссиянинг учинчи кунида агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Акбаров ва Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги Бош консули Aлишер Бабаев, Россиянинг фаол фармацевтик субстанцияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Aктивный Компонент" фармацевтик компанияси раҳбарияти билан учрашиб, дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш борасида музокаралар олиб борди. Музокаралардан сўнг делегация вакиллари ушбу фармкомпания ишлаб чиқариш зонасини айланиб, корхонанинг илғор технологиялари билан танишди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech