Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар ва шифокорлар ойлигини босқичма-босқич ошириш кераклигини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши мўлжалланган. Давлат раҳбари бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Бу маблағлар 55 та янги дастурни амалга оширишга йўналтирилади. Жумладан, чекка жойларда 1 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ва компьютер синфлари очиш кабилар режа қилинган.

Таъкидланишича, бакалавриатда давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабанинг ижара харажатлари бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигар кўчириш каби дастурларга йўналтирилади.

Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.

Президент муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилди.

Давлат бюджети лойиҳасида уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод қилиш учун 26 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

“Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун темир интизом билан, давлат харидлари тизимида ошкораликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Молия вазирлигига келгуси йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар бўлган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech