Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотиш учун сақлаган дорихона фаолиятига чек қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг “Аптека” МЧЖга тегишли дорихонада мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган “Селлсепт таб 500 мг №50" дори воситасини сотиб келинаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмасига мурожаатига асосан мазкур дорихонада белгиланган тартибда текширув ўтказилди.

Текширув давомида “Селлсепт таб 500 мг №50" дори воситаси аниқланмаган бўлсада, лекин дорихона савдо залидан 8 турдаги сифати кафолатланмаган дори воситалари сотиш учун дорихонада сақланаётганлиги аниқланиб, жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Маълумот учун ушбу дори воситалари юртимизда тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестр рўйхатига олинмаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмасининг “Аптека” МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2022 йил 28 мартда берилган ТN №1633-сонли лицензияни бекор қилиш ҳақида Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва “Аптека” МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси 2016 йил 4 январдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси 3-қисмига кўра, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш тақиқланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech