Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

ССВ таклиф ва ташаббуслар учун янги платформани ишга туширди

ССВ ёш шифокорлар (45 ёшгача) ғоя ва ташаббусларини билдириши учун «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ташкил этди. Унда нафақат Ўзбекистондаги, балки хориждаги ватандошлар ҳам ўз таклифлари билан қатнашиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистоннинг ёш, ташаббускор шифокорлари учун янги ғоя ва таклифлар майдонини яратди.

«Президентимиз тиббиёт соҳасини халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича олдимизга жуда катта вазифаларни қўйган. Буларни тўлақонли рўёбга чиқариш, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш учун янги ғоя ва ташаббуслар, креатив ёндашувлар ниҳоятда зарур.

Бу борада ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этиб, долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқаётган ёш шифокорлар куч-ғайрати, азм-у шижоатига суянамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформаси тиббиёт соҳасининг ана шундай фаол ва ташаббускор ёш вакилларини бирлаштириш мақсадида яратилди. Янги платформа нафақат юртимиз, балки дунёнинг исталган ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётган 45 ёшгача бўлган шифокор ватандошларимиз учун мўлжалланган. У орқали мамлакатимиз тиббиёти олдида турган долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича янги ғоя, таклиф ҳамда ташаббуслар қабул қилиниб, соғлиқни сақлаш тизими ривожига бағишланган илмий-амалий конференцияда муҳокама этилади.

Шунингдек, энг яхши ғоя ва таклифлар берган ёш шифокорлар вазирлик истиқболли кадрлар захирасига киритилади.

Янги Ўзбекистон тиббиёти ривожига ўз ҳиссангизни қўшмоқчимисиз? Илғор ғоя ва ташаббусларингизни рўёбга чиқариш учун майдон керакми? Унда шошилинг! Биз сизни ҳамкорликка чорлаймиз!

Бунинг учун ушбу манзил орқали рўйхатдан ўтиб, соҳа олдида турган долзарб масалаларнинг ечимлари бўйича ўз ғоя ва таклифларингизни қолдиринг. Уларнинг конфедециаллиги таъминланади.

Ватанга дахлдорлик ҳисси ва фаол фуқаролик позициянгизни кўрсатиш фурсати келди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сизнинг ҳар бир ғоя ва таклифингизни қадрлайди. Имкониятни бой берманг!» дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech