Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Tashkent Pharma Park: қурилиш ишлари авжига чиқмоқда

Жорий йилнинг 31 август куни Кореянинг Эксимбанк маслаҳатчилари “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини яратиш лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида Тошкентга ташриф буюрдилар.

1-2 сентябрь кунлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари Эксимбанк маслаҳатчилари билан учрашувлар ўтказиб, бир қатор масалалар, хусусан, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида қурилиш ишлари билан боғлиқ масалани муҳокама қилдилар.

Учрашувларда Корея томонидан лойиҳа менежери ва меъмори, шунингдек ускуналар ва лойиҳаларни режалаштириш ҳамда фармацевтика таълими бўйича маслаҳатчилар иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ёрдамчиси, Агентликнинг Халқаро алоқалар бошқармаси етакчи мутахассиси, ИТСВнинг Корея Республикаси билан ҳамкорлик бўлими бошлиғининг ўринбосари, ҳамда қурилиш ишлари ва IT бўйича маслаҳатчилар қатнашди.

Эслатиб ўтамиз, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳасига биноан унинг ҳудудида бир нечта объектларни барпо этиш кўзда тутилган: маъмурий бино, университет, фармацевтика маҳсулотларини текшириш лабораторияси, тадқиқот маркази, вивариум, IT маркази ва бошқалар.

Учрашувнинг биринчи кунида иштирокчилар қатор масалаларни муҳокама қилдилар. Лойиҳанинг босқичларига алоҳида эътибор берилган бўлиб, унинг биринчи қисмида ўқув бинолари, илмий-тадқиқот лабораториялари ва IT марказини қуриш ва жиҳозлаш режалаштирилган.

Томонлар фармацевтика кластери ҳудудида барпо этиладиган университет билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар, хусусан, университетнинг ихтисослашуви, факультетлар сони ва йўналишлари.

Иккинчи куни меҳмонлар “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудига ташриф буюрдилар, шунингдек фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири – “Jurabek Laboratories” МЧЖ ҚК ишлаб чиқариш майдончаси билан танишдилар. Шундан сўнг, томонлар биринчи босқич доирасида бажариладиган ишларининг умумий ҳажмини биргаликда аниқлашга келишиб олдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Корея томонлари ушбу катта лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech