Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тадқиқот: Янги даво усули Covid-19’нинг оғир шаклда кечишини кескин қисқартириши кутилмоқда

Янги даволаш усули интерферон бета оқсилини бевосита ўпканинг ўзига юбориш орқали иммун тизимини ишга солишини назарда тутади.

Британиянинг Synairgen биотехнологиялар компанияси Covid-19’ни даволашда кескин бурилиш ясаши кутилаётган муолажа усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақида BBC’нинг рус хизмати хабар бермоқда.

Муолажага кўра, интерферон бета оқсилини махсус ингалятор – небулайзер орқали нафас тортиш йўли билан қабул қилиш керак бўлади. Небулайзер дорини майда дисперс аэрозол кўринишида ўпкага юбориш ва бу орқали организмда иммун реакциясини ҳосил қилиш имконини беради. Интерферон бета вирусдан дастлабки ҳимоя тизимининг таркибий қисми бўлиб, организмни вирус ҳужумидан хабардор қилади. Коронавирус эса организмда интерферон бетанинг ишлаб чиқарилишини пасайтиради ва шу орқали иммун тизимини енгишга ҳаракат қилади.

Интерферон бета бевосита ўпкага юборилганда оқсил дозаси ҳатто касаллик натижасида иммунитети заифлашганларда ҳам вирусга қарши кучли реакцияни келтириб чиқаради.

Дастлабки синов-тажриба натижаларига кўра, мазкур усул коронавирус оғир шаклга ўтган, ўпкани сунъий вентиляция қилиш талаб этиладиган беморлар кўрсаткичини 79 фоизга камайтириши, беморлар саломатлигини коронавирус билан ҳам одатий турмуш тарзини кечириш даражасида яхшилаш имкониятини 2-3 баравар ошириши кутилмоқда. Шунингдек, интерферон нафас қисишидан азият чекаётганлар сонини камайтириши, беморларнинг касалхонада ўтказадиган вақтини учдан бир қисмга – 9 кундан 6 кунга қисқартириши мумкин.

Янги даволаш усулининг синов тажрибасида иштирок этган 100 нафар иштирокчининг ярмига интерферон бета, қолган ярмига плацебо берилган. Ҳозирча тажриба натижалари тасдиқланмаган – компания натижаларни ва тадқиқот тафсилотларини маълум қилганича йўқ.

Аммо тадқиқот раҳбари Том Уилкинсоннинг фикрича, натижалар тасдиқланса, янги дори коронавирусдан даволаниш билан боғлиқ ҳолатни ўзгартириб юборади. «Тадқиқот кичик бўлса-да, натижалар ажойиб», дейди у.

Synairgen компанияси ижрочи директори Ричард Марсден натижаларни «Covid-19’ни стационар шароитда даволашда йирик бурилиш» деб баҳоламоқда. Компания яқин кунларда тажриба натижаларини жаҳон соғлиқни сақлаш органларига тақдим қилиши кутилмоқда. Даволаш усули тасдиқланса, дори ва небулайзерларни катта миқдорда ишлаб чиқариш бошланади.

Марсденга кўра, захира шакллантириш мақсадида янги дорини ишлаб чиқаришга апрель ойидаёқ кўрсатма берилган. «Synairgen қиш ойларига келиб, дорини ойига бир неча минг дозада ишлаб чиқара олиши мумкин», дейди у.

«Янги даволаш усулининг тажриба-синов натижаларни ҳали баҳолай олмаймиз. Бунинг учун тўлиқ маълумотлар ва тажриба протоколи керак. Тажриба рўйхатдан ўтказилиши, протокол эса таҳлиллар ўтказилиши ва хулосалар қилинишидан аввал тақдим этилиши лозим», дейди Шеффилд университети профессори Стив Гудейр.

Глазго университети профессори Навид Саттарнинг фикрича, тадқиқот тор доирада – 100 киши иштирокида ўтказилган бўлса-да, касалликнинг оғир формага ўтиш эҳтимолининг камайиши вазиятни 79 фоизга ўзгартириши мумкин.

«Тажриба талаб даражасида ўтказилгани ва натижалар асосли эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Тажрибанинг озчилик орасида ўтказилгани даволаш усулининг самарадорлик эҳтимолини камайтиради. Унинг турли гуруҳларга мансуб беморларга таъсири номаълум. Шу боис тажрибани кенгроқ доирада ўтказиш лозим. Шунга қарамай, дастлабки натижалар ёмон эмас», дейди Саттар.

Манба

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech