Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Тиб Техника” МЧЖ корхонаси Жанубий Кореянинг “Noanix” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳамкорлиги сўнгги йилларда кенг кўлам касб этмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлатга амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бу ўз навбатида ҳудудлараро ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг 24-27 август кунлари Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида бу яна бир бор яққол намоён бўлди.  Ташриф доирасида мазкур мамлакатнинг йирик шаҳарлари раҳбарияти, идоралар ва йирик компаниялари мутасаддилари билан қатор учрашувлар ўтказилди.

Эътиборлиси, Осиё минтақасининг ривожланган давлатига сафар давомида қатор муваффақиятли келишувларга эришилди. Жумладан, Тэгу метрополитан шаҳри маъмурияти билан учрашув ва мулоқотлар самарали бўлди. Шаҳар мэри Хон Жун Пё ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирокида кечган мулоқотда Бухоро ва Тэгу шаҳарлари ўтмиш ва бугунги кунни боғловчи ривожланиш жараёни жиҳатидан ўхшашликларга эгалиги, ҳар икки ҳудудда тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланганлиги, шунингдек, таълимга катта эътибор қаратилгани мамнуният билан тилга олинди.

Учрашувда келгусида Бухоро вилояти ва Тэгу метрополитан шаҳри ўртасида инвестицияларни жалб қилиш, ўзаро ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Шундан келиб чиқиб, икки томонлама тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро иқтисодий лойиҳаларни янада ривожлантириш, илм-фан, технология, таълим, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, маданият, туризм ва спорт йўналишларда шерикликни мустаҳкамлашга доир ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ва бу борада “Йўл харитаси” ишлаб чиқиладиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Тэгу метрополитан шаҳри савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда келгуси 2023 йилда Бухоро вилоятида Ўзбек-Корейс бизнес форумини ташкиллаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мазкур ташриф доирасида Жанубий Кореянинг ўндан ортиқ бизнес-доира вакиллари иштирокида музокаралар ташкил этилиб, ишбилармон доира вакиллари билан қатор лойиҳалар юзасидан битимга эришилди. Чунончи, Корея тадбиркорлари билан Бухоро вилоятида фармацевтика, электротехника, чиқиндини қайта ишлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди.

Аниқроқ айтганда, мазкур учрашувлар якунлари бўйича Жанубий Кореянинг “Noanix” компанияси билан Бухородаги “Тиб Техника” МЧЖда фармацевтика маҳсулотлари –– коронар стендларни дорилаш ва вакутейнерини ишлаб чиқариш, шунингдек, “Noanix” компаниясининг тажрибали кардиолог жарроҳларини Бухоро вилоятига жалб қилган ҳолда жарроҳлик операцияларини амалга ошириш белгиланган.

Худди шундай, “СhBio” компанияси билан косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, “GEMSS HEALTHCARE” компанияси билан инвестиция лойиҳасини (тиббиётда қўлланиладиган рентген ускуналари ишлаб чиқариш) амалга ошириш, шунингдек, “HIBI International Co. LTD” компанияси томонидан паррандачилик комплексини ташкил қилишга доир истиқболли бизнес лойиҳалар рўёби учун амалий саъй-ҳаракат бошланмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech