Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаларига эга бўлишининг қандай афзалликлари бор?

Шифохонага борган ҳар бир бемор ўзини малакали шифокор даволашини истайди. Эл орасида ҳурмат-эътиборга эга шифокорларимиз кўп. Лекин шифохонага илк бор қадам қўйган киши мутахассиснинг тажрибаси, билимию малакаси ҳақида қайдан маълумотга эга бўлиши мумкин? Ихтисослашган малака тоифаларига эга бўлишнинг қандай афзалликлари бор? Бу жараён қандай ташкиллаштирилади? Шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика маркази директори Аҳрор Ярқуловга юзландик.

Малака тоифаси нима? Уни олишда шифокорларга қандай манфаат бор?

— Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифасини берувчи ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари шундай муаммоларни ҳал қилади. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тизими тиббий хизмат сифати ва мутахассисларнинг ўз устида ишлаши, соҳа бўйича билим ва тажрибаларини чуқурлаштириб боришига имкон беради. Бу барча давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларида ишлайдиган шифокорлар учун бир хил стандартларда амалга оширилади.

Мутахассислар иккинчи малака тоифасига эга бўлиш учун 5 йилдан 7 йилгача, биринчи тоифага эга бўлиш учун 7 йилдан 10 йилгача, олий малака тоифасига эга бўлиши учун 10 йил ва ундан ортиқ иш стажларига эга бўлишлари талаб қилинади. Олий таълимни тамомлаган ёш мутахассислар эса учинчи малака тоифасини олишлари мумкин. Шунингдек, сўнгги йилларда киритилган ўзгартиришларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт фанлари доктори ва тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган ёки чет элдан келиб ишлаётган врачларга истисно тариқасида бир поғона юқори малака тоифаси берилиши белгиланган.

Малака тоифасига эга бўлган мутахассисларга моддий рағбат ҳам кўзда тутилган...

— Албатта. Мутахассисларга малака тоифаларини беришдан асосий мақсад тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашдир. Олий малака тоифасини олган шифокорнинг асосий ойлигига 30 фоиз қўшимча тўлов, биринчи малака тоифаси берилган мутахассиснинг асосий иш ҳақига 20 фоиз қўшимча тўлов ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг асосий иш ҳақига 10 фоиз қўшимча тўлов тўланади. Бу эса тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун нафақат моддий, балки маънавий рағбатлантириш ҳам ҳисобланади. Учинчи малака тоифаси олган ходимларнинг асосий иш ҳақига қўшимча тўлов тўланмаса-да, улар хусусий тиббиёт муассасасига ишга кириш ҳуқуқига эга бўлиш билан биргаликда, яхшигина маош олиш имкониятини қўлга киритади.

Шу жиҳатларни ўйлаб, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 3 июндаги баёнига кўра, карантин даврида муддати тугайдиган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига тегишли малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилган эди. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қабул қилинган ушбу қарор жуда тўғри бўлди. Шунга кўра, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тегишли малака тоифасига боғлиқ бўлган барча турдаги тўловлар мазкур тартибдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб тўланиши таъминланди. Бу мутахассисларимиз учун карантин даврида яхшигина кўмак бўлди, деб айта оламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев суҳбатлашди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech