Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкент фармацевтика институти Кузатув кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

Мамлакатимизда ҳар томонлама етук, юқори малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор берилмоқда, уларнинг чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли фаолият амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар изчил бажариб келинмоқда. Шунингдек, ҳар бир таълим муассасаси тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга бириктирилиб, улар негизида пухта билим ва кўникмаларга эга мутахассислар шакллантириш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 28 январ санасида Тошкент фармацевтика институти Кузатув кенгашининг илк йиғилиши видео-конференц шаклда бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев кузатув кенгаши раиси сифатида иштирок этиб, Муҳтарам Президентимизнинг мамлакатда кадрлар етиштиришга оид сиёсатлари борасида тўхталиб ўтди.

“Давлат раҳбари томонидан имзоланган бирор Фармон, Қарор ва бошқа ҳужжатлар йўқки унда, албатта, тегишли соҳада кадрлар тайёрлашга қаратилган топшириқ, вазифа ёки банд бўлмаса” – деди Сардор Кариев. “Бу борада  таълимни, жумладан олий таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кўплаб Фармон, Қарорлари ва топшириқлари мазкур соҳани жадал ривожлантиришни тақозо этмоқда. Мамлакатда таълим муассасаларини вазирлик, идора, ташкилотларга бириктириб уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ишлари ташкил этилмоқда.”

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларни кенгайтириш, 35 та давлат олий таълим муассасаларига академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик беришни назарда тутади.

Шу билан бирга, соҳа ривожига салбий таъсир этувчи омиллар бартараф этилмоқда. Масалан, ўтган йилга қадар олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари мавжуд бўлиб, уларнинг амалий фаолият талаб даражасида ташкил этилмаган эди.

Президентимизнинг қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилди ҳамда таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари ташкил этилди. (Маълумот учун, Тошкент фармацевтика институти молиявий мустақилликка эга бўлган давлат олий таълим муассасалари рўйхатига киритилган.)

Ушбу кенгашларнинг асосий мақсади таълим жараёни шаффофлигига эришиш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, талабаларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Шунингдек, кузатув кенгашларининг зиммасига таълим муассасаларига муносиб раҳбарни сайлаш, муассасани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда вақти-вақти билан муассаса раҳбариятининг маблағлардан фойдаланиш ҳолати юзасидан ҳисоботларини тинглаши белгиланди. Мазкур тузилмаларга кўплаб вазифалар белгиланиб, қатор ваколатлар берилганлиги диққатга сазовордир.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech