Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкент Фармацевтика институти Ўқув тажриба ишлаб чиқариш марказига эга бўлди

Тошкент фармацевтика институтида 2021 йил 29 январь куни талабалар учун институт ҳудудида ишлаб чиқариш амалиётини жорий этиш мақсадида ўқув ишлаб чиқариш комплексининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 май кунидаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4310-сон қарори ҳамда саноат корхоналарига етук мутахассис кадрларни тайёрлаш, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш мақсадида яратилган мазкур комплекснинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев, Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти директори Шомансур Сагдуллаев, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази директори Мирзохиджон Қодиров ҳамда институт раҳбарияти, ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

“Олдимизда турган долзарб вазифалардан бири ёшларни касбга йўналтириш, ўз соҳасининг етук мутахассиси этиб етиштириш, онгида мустаҳкам маънавий тушунчаларни, инсонпарварлик ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашдир”, деди ўз кириш сўзида Тошкент фармацевтика институти ректори Камал Ризаев.

Тошкент фармацевтика институтида очилган Ишлаб чиқариш комплексининг асосий фаолияти талабаларга назарий билимларни амалиёт билан боғлашда кўникма бериш, бевосита институт ҳудудидан чиқмаган ҳолда амалиёт ўтаб фармацевтик ускуналарни ишлатишни ўрганишдан иборатдир.

Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг айтишича, Президентимизнинг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4310-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент фармацевтика институти қошида очилган ушбу ўқув тажриба ишлаб чиқариш маркази ушбу масканда таҳсил олаётган талабаларни соҳасининг етук мутахассислари бўлиб шаклланиши учун заминдир.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech