Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкент шаҳар прокурори: «Пойтахтдаги 1 минг 562 та дорихона раҳбари нарх-навони асоссиз оширмаслик бўйича жиддий огоҳлантирилди»

Тошкент шаҳар прокуратураси дори-дармон олди-сотдиси билан шуғулланувчи чайқовчиларга нисбатан ҳам жиддий курашмоқда. Бугунги кунгача ўнлаб жиноий ишлар қўзғатилиб, жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда 20 июль куни бўлиб ўтган Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев маълум қилди.

«Юртимизда пандемия масаласи дастлаб шу йилнинг 15 мартида кўтарилган бўлса, бизга бу бўйича Бош прокуроримиз бошчилигида топшириқлар берилди ҳамда ишчи гуруҳлар тузилди. Шунингдек, олдимизга иккита масала қўйилди. Биринчиси, жойларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил қилиш орқали аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш бўлса, иккинчиси эса дори-дармонлар нархини асоссиз ошиб кетишининг олдини олишдир.

Бугунги кунда дори-дармонга бўлган эҳтиёжни қондириш учун барча чоралар кўриляпти. Шаҳар ҳокими бошчилигида 30 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 15 миллиард сўмга керакли дорилар сотиб олиш йўлга қўйилди ва қисман шаҳардаги дорихоналарга кириб келди.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 1 минг 562 та дорихона фаолият кўрсатмоқда. Бу дорихоналарнинг барчасига бориб, раҳбарлари билан учрашиб чиқдик. Уларни дориларнинг нархини асоссиз оширишга йўл қўймаслик борасида расман огоҳлантириб, бунинг оқибатлари ёмон эканлигини тушунтирдик ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ҳам таъкидладик», — деди Валиев.

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, сессия давомида пойтахт бош прокурори дорилар захирасига оид саволга ҳам жавоб берди. «Дори-дармонлар захираси яратилгани ҳақида тўла-тўкис айтишга бир неча кун вақт бор. Ҳамма иқтисодий масалалар ҳукумат ва шаҳар ҳокимлиги томонидан ечиб берилди. Айрим дорилар рўйхати шакллантирилди ва улардан бугунги кунда биринчи навбатда керак бўладиган 10 хилини олиб келиш йўлга қўйилди. Илк босқичдагилари кириб ҳам келди, ҳозир дорихоналаримизда мавжуд.

Биз дорилар олди-сотдиси билан шуғулланувчи савдогарларга қарши ҳам қаттиқ кураш олиб бормоқдамиз. Бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Шу бугунга келиб ўндан зиёд жиноий ишлар қўзғатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Қириққа яқини эса маъмурий жавобгарликка тортилиш учун ҳужжатлар тайёрланиб, судларга топширилди», — деди Баҳриддин Валиев.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech