Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкент вилоятидаги фармацевтика корхоналарига пресс-тур уюштирилди

Тошкент вилоятида фармацевтика соҳасида 2021-2023 йилларда умумий қиймати 538,9 миллион АҚШ долларлик 34 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши, 4 минг 165 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Хусусан, 2021 йилда 129 миллион АҚШ долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳудудда фармацевтика саноати ва дори воситаларини ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар билан тиништириш мақсадида Юқори Чирчиқ ва Паркент туманларига ташкил этилган пресс-турда шу ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Дастлаб журналистлар Юқори Чирчиқдаги “UZGERMED PHARM" қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Германия компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу корхонада ҳозир 50 турга яқин ҳар хил дори воситалари тайёрланади. 300 нафар малакали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Маҳсулотлар кўпроқ ташқи бозорга, хусусан, МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Мазкур корхона GMP, ISO каби кўплаб сертификатларни олган бўлиб, ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.  

Маълумки, ўтган йилдан буён бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кенг кўламли профилактика тадбирлари олиб борилмоқда. Мазкур корхонада иш мунтазам  ташкил қилиниб мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжи учун дори воситалари етказиб берилди. Дори воситалари ишлаб чиқариш учун хомашё чет давлатлардан келтирилади. Бир йилда 7 минг қадоқда дори воситалари тайёрланади.  

Пресс-тур давомида журналистлар ишлаб чиқариш цехида иш жараёни билан танишишди. Бу ерда ҳар бир ишчи ва мутахассис карантин талаблари асосида назоратдан ўтади ва бинонинг ички тозалигига алоҳида эътибор берилади. Иш жараёнида дастлаб дори воситалари қуйилиб, стерилизация қилинади. Барча жараёнлар белгиланган тартибда амалга оширилади ва маҳсулотлар тегишли тартибда сифат назоратидан ўтказилади.

Шунингдек, лаборатория ва омборхонада олиб борилаётган ишлар ҳам кўздан кечирилди.

Шундан сўнг журналистларнинг навбатдаги манзили “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонаси бўлди. Бу ерда мутахассислар томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича атрофлича маълумот берилди.

– Ҳудудда умумий қиймати 49,1 миллион  долларлик 10 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб 825 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган, –дейди  “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Турсунбой Ортиқов. – Жами лойиҳалар ишга тушиши натижасида қиймати 50 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 6,7 миллион  долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Ҳозирги пайтда 6 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Мутахассислар томонидан ЭИЗ ҳудудида фаолият юритаётган "ZUMA-PHARMA" МЧЖнинг “Флаконларда инъекцион лиофил кукун ва суюқлик кўринишидаги ишлатишга тайёр шприц ручкалардаги ҳамда ампула дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Унинг қиймати 8,5 миллион долларга тенг.  

Ҳозирда бу ерда зарур бино-иншоотлар қурилиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, тегишли асбоб- ускуналарнинг бир қисми олиб келинган. Лойиҳа 2021 йилнинг декабрь ойида ишга  туширилиши ва 100 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Келгусида корхона томонидан коронавирусга қарши вакцина ҳам ишлаб чиқариш белгиланган.

Тадбир давомида журналистлар Паркент туманидаги “ZAMONA RANO” корхонасига ҳам бориб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.  

Маълумки, мазкур корхона доривор ўсимликлар, фиточойлар, фитованна ва бошқа турдаги шифобахш муолажалар учун зарур бўладиган хом ашё маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Тоғли ҳудудда етиштирилган, 100 фоизли органик экологик тоза хом ашёдан фойдаланилиб, ноёб рецептура асосида турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.  

Уларни фаол қўллаш натижасида муайян самарага эришилаётганлиги боис аҳоли ўртасида фитотерапия маданияти тобора ривожланиб бормоқда. Шунингдек, корхона маҳсулотларининг самарадорлиги клиник асосда исботланган бўлиб, халқаро сифат сертификатлари билан тасдиқланган.

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари мутахассислар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Мусаев, ЎзА

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech