Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкентда “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2021” 25- юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Куни кеча “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2021” 25- юбилей халқаро кўргазмаси очилди. Ҳалқаро тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар расмий кўмагида ўтказилмоқда.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш бутун дунёда энг илғор соҳа ҳисобланади. Ҳозир жаҳон ҳамжамияти дуч келган коронавирус пандемияси сабаб тиббиётга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун ҳам, ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасига бағишланган кўргазмаларни ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

TIHE кўргазмаси Ўзбекистонда ташкил қилинган биринчи халқаро кўргазма бўлиб, бу йил ўзининг 25 йиллик юбилейини нишонлайди ва пандемия билан боғлиқ узоқ танаффусдан кейин ташкил қилинган биринчи профессионал халқаро саноат кўргазмасига айланади.

Анъанага кўра, кўргазма илмий ва амалий тиббиёт ютуқларининг энг катта намойишидир. Унда экспертлар ва жаҳон саноати пешқадамлари одатий тарзда иштирок этиб, ўзларининг сўнгги технологиялари ва инновацияларини тақдим этмоқда. Ушбу кўргазма кўп йиллардан бери ишлаб чиқарувчилар ва амалиётчи мутахассислар ўртасида коммуникацион алоқаларни ўрнатиш учун бизнес-майдон вазифасини ўтамоқда.

“Соғлиқни сақлаш – TIHE 2021” бешта асосий тематик бўлимдан иборат: тиббий техника ва ускуналар; лаборатория; фармацевтика саноати учун ускуналар; тайёр доривор препаратлар ва стоматология.

Бу йилги кўргазмада Россия, Италия, Хитой, Корея Республикаси, Чехия, Беларус Республикаси, Украина, Қозоғистон каби давлатлар қатори Ўзбекистоннинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари ҳам ўз маҳсулотларини тақдим этмоқдалар.

Жами 100 дан ортиқ компания ва брендлар тиббий техника ва асбоб-ускуналар, медикаментлар, тиббиёт буюмлари, доривор препаратлар ҳамда фармацевтика саноати учун асбоб-ускуналар ва технологияларни намойиш этишаяпти.

Умуман олганда, хорижий экспонентлар кўргазма иштирокчиларининг умумий сонининг 51 фоизини ташкил қилади. Кўргазмада хорижий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда экспозицияда 49 фоиз улушга эга бўлган маҳаллий компаниялар, шу жумладан, дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиларнинг дистрибюторлари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчиларининг ҳамкорлари ҳам иштирок этмоқда.

Кўргазма 2021 йил 11 июнгача давом этади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech