Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Troll.uz каналида жойланган “Шифокор ёзиб берган рецептдаги дори эмас бошқа дори воситаси берилгани” ҳақидаги пост юзасидан расмий муносабат

Жорий йилнинг 2021 йил 16 апрел санасида Troll.uz телеграм каналида қуйидаги мазмундаги пост жойланди: "Умид, салом! Шифокор менга рецепт ёзиб берганди. Уларнинг орасида "Супрастин" ҳам бор. Мен турмуш ўртоғимдан дорихонага боришни илтимос қилдим. "Супрастин" ўрнига унга "Супралгин" берилди. Ҳалиям  менга сотиб олишдан олдин фотосуратини юборди. Айнан "Супрастин" олгин дедим. Кейин дорини алмаштириб беришди. Расмларини илова қиляпман. Бир дори ўрнига бошқа дори сотишлари қанчалик тўғри?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мазкур вазият юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунинининг 20-моддасида дори воситаларини чакана реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки тасдиқланган Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори  билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомга мувофиқ Дори воситаси ва тиббий буюмни бериш пайтида дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими дори воситаси ва тиббий буюмни сотиб олувчига дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ва бошқалар ҳақида маълумот бериши лозимлиги белгиланган.

Troll.uz телеграм каналида эълон қилинган постдаги дори воситаларига келсак, мазкур вазиятда дорихона ходимини бошқа дори воситасини тавсия қилганда айблаш ноўрин. Сабаби "Супрастин" ва "Супралгин" дори воситаларининг савдо номи турли, лекин таъсир этувчи моддаси бир хил яъни “хлоропирамин” ҳисобланади. (рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати  (рўйхат рақами 3200-сон 06.12.2019)да 182-ўринда)

Бу вазиятда бемор ўз молиявий ҳолатидан келиб чиқиб ўзи истаган дори воситасини харид қилиши ва хавотирга тушмаслигини  билдирамиз. Чунки ҳар бир дори воситаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сифат жиҳатидан, таъсири ва безарарлик кўрсаткичлари бўйича барча мезонларга жавоб берган ҳоллардагина тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилади.

Ҳурматли юртдошлар!

Фармацевтика соҳасига оид Сизни қизиқтирган саволлар, таклиф ва мулоҳазалар бўлса, шахсингиз ҳақидаги маълумотларни илова қилган ҳолда телеграмдаги қуйидаги @uzpharmagency_bot манзилимиз орқали мурожаат этишингиз мумкин.

Албатта, ҳар бир мурожаатга эътибор қаратилиши, тегишли мутахассислар томонидан жавоблар берилиши таъминланади.

Биз билан боғланиш: (71) 203-81-81

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech