Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика соҳасининг 2021 йил I чорак давридаги натижалари тўғрисида маълумот

“2019 - 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5707 - сонли Фармони билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг вазифалари такомиллаштирилди. Фармон ҳамда Агентлик тўғрисидаги низомга асосан Агентликнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

- фармацевтика тармоғини, жумладан, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш йўли билан барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- фармацевтика бозори конъюктурасини ўрганишни ташкиллаштириш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг фармацевтика маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш ва унинг асосида ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
- тармоқ корхоналарига етакчи хорижий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда кўмаклашиш;
- фармацевтика тармоғини, шу жумладан, фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш бундан мустасно) йўли билан давлат томонидан бошқариш;
- фармацевтика тармоғига илғор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
- импорт қилинаётган ва республика ҳудудида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида тўлиқ ахборот йиғишни таъминловчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий қилишда иштирок этиш.

 Фармацевтика бозори тўғрисида маълумот

Жаҳон фармацевтика бозорига  замонавий жаҳон иқтисодиётининг турли омилларининг мураккаб таъсири ўрганиш ва унинг ривожланиш истиқболларини таҳлил қилишни мураккаблаштиради. Ушбу бозор доимий равишда турли давлатларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси, замонавий дунёдаги демографик ва эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Касалликнинг кўпайиши, дунёнинг турли минтақаларида турли хил эпидемияларнинг кучайиши, сўнгги йилларда кўплаб янги касалликларнинг пайдо бўлиши, шунингдек кескин ижтимоий-сиёсий вазият глобал фармацевтика бозорида ривожланиш тенденциялари ва истиқболларини ўрганиш долзарблигини оширади.

Фармацевтика соҳасида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг юқори ижтимоий аҳамияти, фармацевтика ишлаб чиқаришининг илмий интенсивлиги, соҳани қатъий давлат томонидан тартибга солиниши ва унинг сармоявий жозибадорлиги туфайли мамлакат миллий иқтисодиётида алоҳида ўрин тутади. Шунга қарамай, мамлакатимиздаги фармацевтика саноатининг ҳозирги ҳолати дори воситаларини ишлаб чиқиш, чиқариш ва тарғиб қилиш жараёнининг беқарорлиги ва миллий соғлиқни сақлашнинг ривожланишини таъминлаш етарли эмаслигидан далолат беради.

Ҳозирги вақтда жаҳон фармацевтика бозорида ривожланаётган мамлакатлар ҳукмронлик қилмоқда, аммо ривожланган мамлакатларнинг рақобати ва позициялари анча юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон фармацевтика бозорининг ҳозирги босқичида ҳали ҳам реализациянинг умумий ҳажмида импорт қилинадиган дори воситаларнинг сезиларли даражада устунлиги кузатилмоқда. Шу сабабли импорт ўрнини босиш муаммоси шу қадар кескин ва мухимки, сўнгги йилларда хукумат мамлакатнинг дори хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳам, жаҳон фармацевтика бозорида маҳаллий компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳам қабул қилинган 50 га якин норматив ҳужжатлар бу ҳаракатларнинг исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2019 йилдаги ПҚ-4554-сонли “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида сўнгги йилларда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласи тизимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, лекин шу билан бирга, маҳаллий фармацевтика тармоғи аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларининг фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини етарли даражада қаноатлантирмаганлиги кўрсатиб этилган.

Мазкур Қарори билан 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган булиб, унда қуйидагилар кўзда тутилган:

- илғор илмий тажриба ва замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотларининг турларини кенгайтириш, шунингдек, инновацион фармацевтика маҳсулотларини яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, замонавий объектларни ишга тушириш ҳамда мавжуд объектларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш орқали фармацевтика саноатини ривожлантириш;
- ташкилотлар ва корхоналарнинг фармацевтика маҳсулотларини яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган стандартлар меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш орқали маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш;
- фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун, шу жумладан хорижий фармацевтика корхоналарининг инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш;
- кейинчалик дори воситалари ишлаб чиқариш учун доривор ўсимликлар хомашёси асосида субстанциялар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва маҳаллийлаштириш;
- фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, кўпайтириш ва янги турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳисобига, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш орқали фармацевтика маҳсулотлари импортини қисқартириш;
- маҳаллий корхоналарда "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти" (GMP), "Зарур фармназорат амалиёти" (GVP), шунингдек, дистрибьюторлик фаолиятида сифат ва хавфсизлик тизимини бошқариш (GDP), клиник олди (GLP) ва клиник тадқиқотларни ўтказишни (GCP) тартибга солишга қаратилган амалиётларни босқичма босқич жорий этиш;
- нархларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, фармацевтика маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиш тизимларини жорий этиш;
- замонавий халқаро талабларга мувофиқ фармацевтика маҳсулотларини яратиш, ишлаб чиқариш ва сифатини назорат қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали миллий регулятор орган салоҳиятини мустаҳкамлаш;
- илғор хорижий тажриба асосида республиканинг фармацевтика тармоғи учун, шу жумладан дори препаратларининг биотехнологияси, дори моддаларининг кимёвий технологияси, тайёр дори воситалари ва фитопрепаратлар технологияси, фармация иқтисодиёти ва уни бошқариш, фармацевтик кимё ва микробиология каби муҳим соҳаларда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш;
- таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни чуқур интеграциялаш орқали ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва стандартлаштириш, фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотлари бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиш ва мослаштиришга қаратилган фундаментал, илмий-амалий ва инновацион тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш;
- оригинал дори воситаларини, шунингдек, талаб юқори бўлган оригинал дори воситалари негизида генерик дори препаратларини (генерикларни) ишлаб чиқишга мўлжалланган замонавий ўқув лаборатория ва илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш.

Ўзбекистон фармацевтика бозори 2020 йил якунига кўра хажми ўртача 1,4 млрд. долларни ташкил этади.

2021 йил I чорагида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 352,2 млн. қадоқ қиймати 670,5 млрд. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари (шу жумладан дори воситалари 109,1 млн. қадоқ, 521,7 млрд. сўм) ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 111,1 фоизга (миқдори) ва 109,7 фоизга (қиймати) ўсган, шу жумладан дори воситалар 14,65 фоизга (миқдори) ва 0,62 фоизга (қиймати) пасайган.

2021 йил январь-март ойида республика ҳудудига дори импорт қилинган маҳсулотлари ҳажми 283 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100 млн. долларга ёки 54 фоизга ошган.

2021 йилнинг январь-март ойлари якунига кўра фармацевтика корхоналарининг экспорт ҳажми 12,9 млн. АҚШ долларни ташкил этиб режа 144,0 фоизга бажарилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,0 млн. долларга ёки 68 фоизга ўсган.

2021 йилда I чорак ойларида 23 та фармацевтика корхоналари томонидан жами 16 та хорижий мамлакатларига дори воситалари ва тиббий буюмлар экспортини амалга оширилди.

Дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш уларни ишлаб чиқаришни ҳамда уларнинг сифатини назорат қилишни ташкил этиш қоидаларига мувофиқ серияли ишлаб чиқаришдан иборат бўлиб, у тўлиқ технологик цикл бўйича ёки унинг алоҳида босқичлари бўйича ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

2021 йил I чорак давомида лицензиялаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш юзасидан жами 261 та келиб тушган бўлиб, ушбу аризалар белгиланган тартибда кўриб чиқилиши таъминланиб,улар юзасидан лицензияловчи органнинг 25 та қарорлари қабул қилинди. Жами 142 та аризалар қаноатлантирилиб, шулардан:

лицензия берилганлар сони -92 та, амал қилиш муддатини узайтириб берилганлар сони – 6 та, лицензиялари қайта расмийлаштириб берилганлар сони – 20 та, янги лицензия битими тузилганлар сони -22 та, лицензияларини амал қилиш муддати тугатилганлар сони - 2 тани ташкил этди. Жами -136 та аризалар бўйича аризаларни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

2021 йил январ-апрел ойларида фармацевтика фаолитига берилган лицензия фаолияти турлари дори воситаларини ишлаб чиқариш учун берилган лицензиялар сони 9, дори воситалари улгуржи реализацияси қилиш учун берилган лицензиялар сони 64, дори воситаларини тайёрлаш учун берилган лицензиялар сони 28 тани ташкил этди..

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 220 та маҳаллий корхоналар фаолият юритмоқда. Улардан:

- 101 таси дори воситалари
- 29 таси тиббий техника;
- 82 таси тиббий буюмлар;
- 8 таси дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қонун талаби асосида дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш ҳамда сақлаш қоидалари бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Шуниндек дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фақат дорихоналар ҳамда уларнинг филиаллари томонидан амалга оширилиши эътироф этилган.

Фармацевтик бозорида 669 та улгуржи реализация билан шуғулланувчи ташкилотлар ва 13 957 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғилланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд.

Дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади, ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

2021 йил I чорак якунига давомида 220 та фармацевтика корхоналари томонидан рўйхатдан ўтказилган маҳсулотлар сони 220 тани ташкил этади, жумладан:

- 200 номдаги дори воситалари,
- 13 номдаги тиббий буюмлар,
- 7 номдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

220 та фармацевтика корхонасидан 55 тасида (25%) халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган, жумладан 34 та корхонада
ISO 9001:2008, 7 та корхонада ISO 13485 халқаро стандарти, 12 та корхонада Ўзбекистон давлат стандарти ва 4 та корхонада бошқа давлатлар “GMP - Зарур ишлаб чиқариш амалиёти” стандарти жорий қилинган.

2019 йил 10 апрелда тасдикланган  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”  ПФ-5707 сон Фармони асосида 2022 йилнинг 1 январига қадар:

- фармацевтика маҳсулотларининг клиник-олди тадқиқотларини амалга оширувчи барча лабораториялар Зарур лаборатория амалиёти (GLP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник тадқиқотлар ўтказувчибарча клиник базалари Зарур клиника амалиёти (GCP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;
- фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;

фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши зарурлигини белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги ПФ-5707-сон «2019—2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги 788-сонли “Фармацевтика соҳасига зарур амалиётлар (GXP) талабларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорини ижро этиш юзасидан фармацевтик фаолият юритаётган корхоналардан жами 11 та ариза келиб тушган бўлиб, 2021 йилнинг апрелга кадар дори воситалари ишлаб чиқарувчи 2 та корхоналарга GMP сертикати берилди.

10 та дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар  ва 1 та  улгуржи корхона сертификатлаштириш жараёнида.

2021 йил I чорак якунига кўра “Яхши дистрибьюторлик амалиёти-GDP” бўйича 85 та, “Яхши ишлаб чиқариш амалиёти- GМP” стандарти бўйича 40 та,  “Сифатни таъминлашда хавфларни бошқариш-асосий принциплари ва уларнинг ишлаб чиқарувчилар томонидан қўлланилиши” (USAID) стандартларини ўзлаштириш бўйича 43 та соҳа мутахассислари малакасини оширди.

Хорижий давлатлар ташкилотлари ва  компаниялари билан 2021 йилнинг I чораги давомида 28 та учрашув ва видеоконфирецалоқалар ташкиллаштирилди, 9 та форум ва кўргазмаларда иштирок этилди. Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида 5 та Битим ва Меморандумлар имзоланди.

Амалга оширилган ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот

Аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини, илмий-техник ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадга мувофик ва жуда мухим масала ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4937-сонли қарорига фармацевтика тармоғидаги умумий қиймати
282,2 млн.  доллар бўлган 25 та инвестиция лойиҳари киритилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиш муддатлари 2021-2024 йиллар қилиб белгиланган. Шундан жорий йилда 98,0 млн. доллар инвестицияларни, шу жумладан 22,4 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳамда 10,0 млн. доллар давлат кафолати остидаги хорижий кредит маблағларини ўзлаштирилиши белгиланган. 2021 йил якунига қадар умумий қиймати 59,0 млн. доллар бўлган 14 та лойиҳаларни ишга туширилиши ҳамда 655 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Инвестиция дастурига асосан Агентлик томонидан умумий қиймати 279,5 млн. долларлик 25 та инвестиция лойиҳалари доирасида 2021 йилда 96,9 млн. доллар инвестицияларни, шу жумладан 21,3 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳамда 10,0 млн. доллар давлат кафолати остидаги хорижий кредит маблағларини ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 2021 йилнинг январь-март  ойлари якунига кўра жами 13,2 млн. доллар (шу жумладан 4,4 млн. доллар хорижий инвестиция ва кредитлар) инвестиция маблағлари ўзлаштирилди ҳамда белгиланган ҳисобот давридаги режа 157,5 фоизга бажарилди.

 “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери.

Республикамизда фармацевтика саноатни самарали ривожлантириш йўналишларидан бири махсус иқтисодий зоналари ҳисобланади.  Иқтисодий зоналар давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни реал қўллаб-қувватлаш ва уларни ривожлантиришни янги юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хом ашёдан тортиб то тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш ва сотишгача бўлган жараёнларни амалга оширадиган фармацевтик корхоналарни, илмий-тадқиқот ва ўқув компонентларни компакт бир ҳудудда яни фармацевтик кластерда жойлашиши харажатларни камайишига, дори воситаларини инновацион жараёнларни ривожлантиришга замин яратади ва синергетик самара олишга имкон яратади.

Кластерда олий фармацевтика таълим муассасаси, кластерга хизмат кўрсатувчи корхоналар пайдо бўлади. Фармацевтик кластерни шакллантириш бўйича халқаро тажрибага кўра, бошида бир неча йирик фармацевтика корхонадан иборат саноат зонаси ташкил этилади. Бу эса маълум даражада инфратузилма элементлари ва бошқа ёрдамчи ишлаб чиқаришлар барпо этилишига сабаб бўлади.

Фармацевтик кластерни барпо этишнинг хориж тажрибаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, саноат зоналарда фармацевтик кластерни ташкил этиш қуйидаги шартларнинг бажарилишини талаб этади:

- кооперацион алоқага эга ва интенсив ривожланишдан манфаатдор фармацевтик корхоналар мавжудлиги.
- тор ихтисослашувга эга ва аутсорсинг бўйича айрим ишларни қабул қилиш имкониятига эга кичик бизнес мавжудлиги.
- ҳудудда фармацевтикадаги илмий база ва маълум малакага эга ишчи кучини ва бошқа ишлаб чиқариш ресурслари мавжудлиги.
- инновацион ишлаб чиқариш инфратузулмаси:
- бизнес-инкубатор, фармацевтик кластерни ривожлантириш маркази. стратегик ривожлантириш режаси мавжудлиги.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва илмий текшириш институтлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали Зангиота туманида замонавий технопаркни ташкил қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4574-сон “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. 

Қарор билан «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.  «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш концепцияси мамлакатнинг фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш тизимини шакллантиришга, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлашга, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган.

Ҳудуди: 50 гектардан иборат, умумий қиймати 394,7 млн. долл. бўлган 8 та ўқув-илмий ва маъмурий объектлар қурилиши ва 6 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириш орқали 2 730 дан ортиқ янги иш ўринлари ҳамда Ўрта Осиёда ягона замонавий фармацевтика кластери ташкил этилмоқда.

Кластер иккита асосий йўналишдан иборат:

  1. Кластернинг академик, илмий-тадиқот, клиник олди ва клиник таркибий қисмлари жойлашадиган технопарк яратиш.
  2. Етакчи фармацевтика компаниялари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонлари жойлашадиган фармацевтика саноат зонасини яратиш.

Концепцияни амалга оширишда қуйидаги натижалар:

аҳолини фармацевтика ва унга ёндош соҳаларда юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
фармацевтика тармоғида тадқиқотлар ва ишланмаларни янада ривожлантириш учун илғор илмий-техник базанинг фаолият олиб бориши;
илм-фан ва таълимни миллий инновацион тизимнинг кадрлар таъминоти сифатида интеграциялаш;
Кластер ҳудудида чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларнинг фаолият олиб бориши;
фармацевтика соҳасида биринчи «илм шаҳарчаси» нинг шаклланиши кутилмоқда.

2021 йил I чоракда: кластер ҳудудида саноат зонаси ташкиллаштирилиб, жами 131,5 млн. АҚШ долларига тенг 5 та инвестицион лойиҳалар жалб қилинмоқда.

Жорий йилнинг январь-март ойларида Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 51.7 миллиард сўм ўзлаштирилди.

Шунингдек, Буюк Британиянинг Сандерленд, Де Монтфорт ва Данди университетлари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилди.
Кластер ҳудудидаги фармацевтика техник университетининг кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида 2021 йил февраль ойида 3 нафар конкурс асосида танлаб олинган иқтидорли кадрлар Буюк Британиянинг Де Монтфорт  университетида магистратура йўналишларида малака ошириш учун Буюк Британияга юборилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ахборот-таҳлил бошқармаси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech