Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Жамоатчилик мулоқоти: наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси муаммолари

“Юксалиш” УМҲ ва ЎзЭОАВМА томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик мулоқоти доирасида Ўзбекистонда наркотик воситалари ҳамда психофаол препаратлар тарқалишининг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, руҳий жиҳатлари муҳокама қилинди, “дорихона наркоманияси”нинг глобал дунё тенденцилари, тизимли муаммолари, ўсиш факторлари кўриб чиқилди.

Наркотик ва психотроп моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш билан боғлиқ бугунги кундаги вазият ташвишли бўлиб қолмоқда. “Дорихона наркоманияси”, гиёҳванд моддаларининг интернет савдоси, психотроп моддаларнинг янги турларининг пайдо бўлаётганлиги бу борада вазият нақадар таҳликали тус олаётганлигини англатади. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов 1 июл куни бўлиб ўтган жамоатчилик мулоқотида айтиб ўтди.

“Ачинарлиси, гиёҳванд моддалар савдосининг янги кўринишлари пайдо бўлаётганлиги, ишлаб чиқаришнинг ноанъанавий йўлларига ўтилаётганлигидир”, деди Акмал Бурҳонов.

Бу мавзуга Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Давлат марказининг Наркотиклар назорати қўмитаси раиси Исматжон Азизов ҳам тўхталар экан, жумладан, шундай деди:

— Дорихоналар тадбиркорлик субъекти ҳисоблангани учун улар фаолиятини тўғридан-тўғри назорат қилиш бўйича қонунчиликда чекловлар мавжуд. Лекин буни қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Давлат марказининг Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизов. — Чунки Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат классификаторида дорихоналарни – “Ихтисослашган дўконларда фармацевтика товарлари чакана савдоси” деб белгиланган, бу — эса нотўғри. Дорихоналар савдо дўкони эмас, тиббиёт муассасаси бўлиши, унда мутахассислар ишлаши ва раҳбарлик қилиши лозим.

 

Шоҳида ҚОСИМОВА, “ Istiqbolli аvlod” республика ижтимоий-ахборот маркази раиси ўринбосари:

— Ташкилотимиз томонидан ташкил этиладиган ҳар бир тадбирларимизда “наркодорихона”лар масаласи ўртага ташланади. Иштирокчи ёшларда “психотроп дори воситаларнинг 2-3 хилини бир-бирига қўшиб, қабул қилса, қандай бўлади?” деган саволлар пайдо бўлади. Бундан айтиш мумкинки, ёшлар орасида шундай қилиш ҳолатлари бор.

Тошкент шаҳридаги 14-18 ёшгача бўлган ижтимоий заиф гуруҳга мансуб бўлган қизлар ўртасида бир лойиҳани амалга оширган эдик. Хулқи оғир қизлар орасида 4 нафар наркотик ёки психотроп моддаларни истеъмол қилувчилар аниқланди. 17-18 ёшли қизлардан бу ишга қачон қўл ургани ҳақида сўраганимизда, 14-15 ёшимдан дея жавоб беришди. Улар психофаол таблеткаларни аввалига кунига 1 ё 2 тадан қабул қилишганини, ҳозирда эса кунига 40 тадан ичишаётганини айтишди. Даволанишларига эса оилавий шароитлари йўқ. Афсуски, давлат миқёсида ҳам бундай қизларга ёрдам берадиган тизим мавжуд эмас.

Шуҳрат ҒУЛОМОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи:

— Тан олиш керак, бутун дунё ҳамжамиятида гиёҳвандлик, нарко жиноят билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. Бу муаммоларга дуч келмаган давлат ҳам бўлмаса керак — баъзилари етиштирса, баъзилари етказиб беради. Ўзбекистон Афғонистон билан бевосита чегарадош эканлиги, қўшни мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши тўхтамаётгани салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. БМТ маълумотларига кўра, 2017 йилда Афғонистонда рекорд даражада, яъни 9 000 тонна опий етиштирилган. Уларнинг асосий қисми транзит йўллар орқали, жумладан Ўзбекистондан ҳам олиб ўтилган. Бу эса транзит давлатларга ташвиш келтирган.

2019 йил якунида республикамизда 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. 1 тонна 200 кг атрофида наркотик воситалар мусодара қилинган. Нарко диспансерда ҳисобда турганлар эса 5 698 нафарни ташкил этган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech