Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Хоразмда ўз хонадонида ноқонуний тарзда дорихона очганлар қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан дорихоналарда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида ўтказилаётган тушунтириш тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилиб, тезкор тадбирлар орқали ноқонуний дори савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар фош этилмоқда.

Айни кунда Хоразм вилоятида 766 та дорихона мавжуд бўлиб, уларнинг 10 дан ортиғи улгуржи савдога йўналтирилган. Урганч шаҳрида жойлашган улгуржи савдога ихтисослашган дорихоналарда коронавирусни стационар ва уй шароитида даволаш ҳамда профилактикани амалга ошириш мақсадида 2 минг турдан ортиқ дори дармон, антисептик воситалар, тиббий ниқоб ва қўлқоплар улгуржи нархларда 500 дан ортиқ дорихоналарга етказилмоқда. Ушбу жамиятда асосан вирусни олдини олувчи, аҳолининг эҳтиёжи катта бўлган зарур препаратлар мавжуд бўлиб, уларни чекка ҳудудларида жойлашган дорихоналарга, кўчма хамда ижтимоий дорихоналарга ҳам етказиб беришга хизмати яхши йўлга қўйилган. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари томонидан кундалик назорат тадбирлари, профилактик суҳбатлар ташкил этилмоқда. Унда асосий эътибор пандемия даврида дори дармон воситаларининг узлуксизлигини таъминлашга ҳамда нархларни асоссиз ошиб кетишини олдини олишга, ноқонуний дори дармон савдосига чек қўйишга қаратилмоқда.

Шунингдек, Урганч шаҳрида жойлашган «Аббосбек» дорихонаси ҳам улгуржи ва чакана савдога йўналтирилган. Бу ерда вирусни олдини олувчи дори дармон воситалари, тиббий қўлқоп, ниқоб ва антисептик воситалар улгуржи нархларда сотилмоқда. Дори воситаларининг омборхоналарда сақланиш тартиби, сифати, яроқлилик муддати, етказиш хизмати ҳамда нархлари белгиланган тартиб асосида ташкил этилган.

Минг афсуски, пандемия даврида айрим ноинсоф кимсалар аҳоли учун яратилган бу каби шароитлардан ноқонуний йўл орқали фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳаракат қилмоқда. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлим ходимлари томонидан бир нечта тезкор тадбир ўтказилиб, ана шундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган бир ойи давомида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 6 туманда дори-дармон ва тиббий буюмлар савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар фош этилди. Масалан,Урганч туманида яшовчи фуқаро А.С. ўз хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз анальгин, димедрол, сенепар каби 23 турдаги 103 дона дори воситаларини ҳамда Гурлан туманида яшовчи фуқаро Р.Ж. ҳам ўз хонадонида ноқонуний савдо орқали 134 турдаги дори воситаларини сотиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, Департаментнинг Ҳазорасп ва Тупроққалъа туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хазорасп тумани Амударё маҳалласида яшовчи фуқаро Л.И. ўзининг яшаш хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда 12 турдан ортиқ дори-дармон воситаларини сотиб келаётганлиги аниқланди. Ноқонуний савдога мўлжалланган барча дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Яна бир мисол, департаментнинг Янгибозор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир шу туманда 22 ёшли йигит А.К. ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз ўз хонадонида қонунга зид равишда 20 турга яқин дори сотиб келаётганлиги аниқланди. Тадбир давомида ноқонуний муомалага киритишга мўлжалланган 16 турдаги жами 1 млн 400 минг сўмлик импорт дори воситлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Халқ бошига иш тушганда қўлдан келганча ёрдам бериш ўрнига қийин вазиятни қулай фурсат деб билган Хонқалик йигит С.Р.нинг ҳам ноқонуний чайқовчилик ҳаракатлари фош этилди. Департаментининг Хонқа туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Р. ўз хонадонида 12 турдаги дори дармон ва антисептик воситаларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотаётганлиги аниқлади. Барча препарат ва тиббий воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Ҳозирда дори-дармон ва тиббий буюмлар савдоси билан боғлиқ бўлган мазкур ноқонуний ҳаракатлар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органларни томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайратжон СУЛТОНОВ
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга
қарши курашиш Департаментининг
Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи
адлия маслаҳатчиси
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech