Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Янги фармацевтика техник университетида таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади

Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-55-сонли Фармони ва 2020 йил 28 январдаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4574-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб,  фармацевтика саноати учун халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлаш хамда фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги ПК-4574-сон карорига мувофиқ,  Тошкент вилояти Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чикариш фармацевтика кластери барпо этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

Ушбу мажмуада ўз инфратузилмасига эга бўлган Фармацевтика техник университети, илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар, ўқув-илмий лабораториялари ва виварийлар, фармакопея маркази, меҳмонхонага эга симпозиумлар маркази, талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, сув ҳавзаси ва стадион, ҳамда инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш майдонларидан иборат саноат зонаси яратилади.

Хусусан,  Фармацевтика техник университетида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чикариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Олийгоҳда, шунингдек, фармацевтика тармоғида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган инновацион ва самарали таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини жорий этиш; таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги, шунингдек, уларнинг жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш; фармация, биотехнология, биофармация, фармацевтика тармоғи учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўллаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш; хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва ишбилармон доиралари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, кластернинг ўқув қисмини яратиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) Ўзбекистонга 40 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан $83,7 млн миқдорида кредит тақдим этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 263-сонли қарори билан Фармацевтика техник университети Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги муассислигидаги давлат олий таълим муассасаси этиб белгиланди ҳамда унинг фаолияти Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.

Ушбу ҳужжатга биноан, университетда таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул килиш шартлари, таълим олиш шакли ва таълим тили ҳамкор университетлар билан келишган ҳолда аниқланади.

Олийгоҳда таълим бериш Агентлик гранти ва тўлов-контракт асосида ҳамкор университетларнинг ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлаштирган холда амалга оширилади. Агентлик гранти миқдори ҳар йили Агентлик томонидан белгиланади ҳамда Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Университет фаолияти, ўқув-услубий бошқаруви, илмий-педагогик ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнлари замонавий ахборот технологиялари, фан ва технологияларнинг энг янги ютуқларидан фойдаланган холда, кадрлар тайёрлашнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган ҳамкор университетларнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech