Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ерқалампир (хрен) коронавирус беморлари учун фақат қўшимча ёрдам бериши мумкин, у асосий даволаш воситаси эмас – Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева

Ерқалампир (хрен) коронавирусни даволашда халқ табобати воситаси бўлиши мумкин. Лекин беморда клиник белгилар яққол кўринаётган ва тана ҳарорати кўтарилган пайтда  у фақат қўшимча тарзда ёрдам бериши мумкин холос.

Кеча, 18 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева аҳоли томонидан юборилган саволларга жавоб берди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалиниб, ерқалампир (хрен) ўсимлигидан даво топганлар ҳақида айтилган ҳолатларга муносабат билдирилди.

«Хрен ўсимлиги кўплаб витаминлар: A, E ва B гуруҳи, аминокислоталар ҳамда микроэлементларга бой. Лекин унинг таркибида С витамини – аскорбин кислотаси йўқ. Хрен коронавирусни даволашда халқ табобати воситаси бўлиши мумкин. Лекин беморда клиник белгилар яққол кўринаётган ва тана ҳарорати кўтарилган пайтда самарали эмас, фақат қўшимча тарзда ёрдам бериши мумкин холос», - деди Феруза Ҳамробоева.

У Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган «Авиган» дориси ҳақида ҳам маълумот берди. «Авиган» таркибидаги биологик фаол модда фавипиравир ҳисобланади. У бир қатор вирус гуруҳларини блоклайди. «Авиган»дан эбола вирусини даволашда ҳам фойдаланилган. Айни пайтда АҚШда унинг бошқача варианти – «Ремдесивир» препаратидан фойдаланилмоқда ва АҚШ бу препаратни етарлича самарали деб ҳисобламоқда.

Тўғри, «Авиган» ҳақида яна бир тадқиқот у коронавируснинг енгил ва ўрта даражаларини даволашда самарали эканини, лекин оғир шаклида унчалик самарали эмаслигини кўрсатмоқда», - деди Феруза Ҳамробоева брифингда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech