Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Yevro Osio Med" МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар Юнусобод туман бўлими ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тезкор вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган текширувлар натижасига кўра Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган “Yevro osio med" МЧЖга тегишли дорихонада қонунга хилоф равишда "Зардекс” (39 дона) ва “Регапен” (17 дона) дори воситалари борлиги аниқланиб, ҳолислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар худудий бўлинмасининг "Yevro Osio Med" МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2021 йил 25 февралда берилган TN №656-рақамли лицензиянинг амал қилишини тугатишни сўраб Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг 2021 йил 21 октябр кунидаги 4-1001-2114/38588-сонли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва "Yevro Osio Med" МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси 2016 йил 4 январдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига кўра, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш таъқиқланади.

Шунингдек, “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 284-сон 12.05.2017)га асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш - фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Мазкур низомга мувофиқ, Лицензияловчи орган қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги, шу жумладан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархини белгилаш тартиби қўпол равишда бузилганлиги оқибатида лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган дорихона, дорихона филиалининг манзиллари реестри ва ходимлари реестрини шакллантиради ҳамда ушбу Низомнинг 55-бандида кўзда тутилган манзиллар реестри ва ходимлар реестрига киритилган маълумотлар улар киритилган вақтдан эътиборан уч йил давомида сақланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech