Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

2024 йил 1 январга қадар “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GMP” талаблари жорий қилиниши зарур

Дори воситаларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар 2024 йил 1 январга қадар “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GMP” Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти талабларини жорий қилиши зарур!

Бугунги кунда республикада дори воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 92 тани ташкил этиб, уларнинг 26 тасида, жами 99 та ишлаб чиқариш линияларида “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GMP” Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти талаблари жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони (ПФ-55 21.01.2022) га мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар GMP талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, фаолият юритиб келаётган корхоналар учун GMP талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаш муддатлари cўнгги маротаба 2024 йил 1 январгача узайтирилди.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларида фақатгина GMP асосида дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этган ташкилотлар қатнашишига рухсат берилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, жорий йилнинг 12 апрелидан бошлаб расмийлаштирилган хужжатлар асосида, 2022 йил якунига қадар маҳаллий корхоналарнинг GMP сертификатини биринчи маротаба олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилди.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга (ВМҚ-80 21.02.2022) мувофиқ, эндиликда дори воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар ўз фаолиятини GMP давлат стандарти талабларига мувофиқ ташкил этиши кераклиги белгиланди.

Шунингдек, 2024 йил 1 январгача маҳаллий корхоналар томонидан белгиланган тартибда GMP давлат стандарти жорий этилмаган тақдирда, мазкур ҳолат лицензия талаб ва шартлари бузилиши ҳисобланиб, фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз.

Маълумот учун, GMP талабларини жорий қилишнинг асосий ютуқлари нималардан иборат?

GMP талабларини жорий қилиш - бу аҳолини сифатли, хавфсиз ва безарар дори воситалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш корхоналари ҳодимлари ўзларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришини, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигига ишончни ҳужжатлар билан тасдиқланишини, корхоналарда халқаро талабларга жавоб берадиган сифат тизимини яратилишини, маҳаллий махсулотларни рақобатбардошлигини ҳамда чет эл давлатларига экспорт қилиниши учун кенг йўл очиб берилишини таъминлашдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни ўз иш фаолиятида GMP талабларини жорий этиш ва модернизация ишларини олиб бориш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўрнатилган муддатлар ичида амалга оширишга чақириб қолади ва бу масалада амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида GMP талабларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга, юзага келаётган савол ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида доимий фаолият юритувчи Ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, улар билан қуйида келтирилган рақамлар орқали боғланишингиз мумкин:

Журъат Гулямов – (+99871) 203-30-32/192
Дилдора Усманова – (+99871) 203-30-32/156
Хусниддин Анваров – (+99871) 203-30-32/157
Фаррух Шавкатов – (+99871) 203-30-32/153

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech