Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Биласизми, қизилмияга нега “мўъжизакор ўсимлик” дея таъриф берилади?

Қизилмияга “мўъжизакор ўсимлик” дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ундан 110 турдан ортиқ дори воситалари олиниши билан бирга, саноатнинг 20 йўналишида фойдаланилади. Бундай хусусият бошқа ўсимликларда камдан-кам учрайди. Республикамизда мазкур ўсимликнинг силлиқ қизилмия тури кенг тарқалган бўлиб, у табиий ҳолда ўсади.

Қизилмия илдизларидан тайёрланган қуруқ ва қуюқ экстрактлар шамоллаш, сил ҳамда ўпка, жигар, нафас йўллари ва юрак-қон томирлари касалланганда, модда алмашинувини меъёрига келтиришда, бўғма, онкологик, овқатдан заҳарланиш, ошқозон, меъда ҳамда ўн икки бармоқли ичак ярасида, тери куйиши, шунингдек, бошқа хасталикларда тавсия этилади.

Озиқ-овқат саноатида қизилмия илдизидан калориясиз ичимликлар, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари, мураббо, шинни, консерва, озуқа концентратлари, сақич, тиш пастаси ҳамда бошқаларни тайёрлашда фойдаланилади. Енгил саноатда рангли бўёқлар олинса, металлургия саноатида металларни гидролизлашда, кимё саноатида сиёҳ тайёрлашда, қоғозларга ранг беришда қўлланилади. Унинг чиқиндисидан эса қоғозли термоизоляция плитаси, қоғоз сингари маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Шу боис бугунги кунда ушбу ўсимликка АҚШ, Буюк Британия, Голландия, Япония, Германия, Венгрия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа кўпгина давлатларда талаб юқори.

Қизилмия қишлоқ хўжалигида ҳам жуда фойдали. Масалан, ундан ажратиб олинган фаол модданинг 1 миллиграммини 1 литр сувга аралаштириб, картошкага ишлов берилса, куртакларнинг уйғониш кўрсаткичи 28 фоиз ошади. ғунчалаш ва гуллаш фазалари тезлашади, натижада ҳосилдорлик 17 фоиз ортади.

Юртимизда олиб борилган илмий изланишлар туфайли қизилмиянинг морфолого-анатомияси ва репродуктив биологияси, уни турли шароитда ўстириш усуллари ўрганилди. Жумладан, ўсимлик Мирзачўлнинг шўр тупроғида ҳам яхши ривожланиши, тупроқ унумдорлигини оширувчи кучли мелиорант эканлиги исботланган. Бу усул, айниқса, алмашлаб экишда юқори самара бериши аниқланди.

Қизилмия илдизи тупроқнинг гипсли қатламини ҳам тешиб ўтади ва ер ости сувидан озиқланади. Шу боис уни табиий намлик шароитида ҳам парваришлаш мумкин. Тупроққа ўзининг сирли таъсирини ўтказувчи, ҳеч бир қисми чиқинди сифатида ташлаб юборилмайдиган қизилмия экинзорларини кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 февралдаги 138-сонли “Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда саноат усулида қайта ишлашни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, бу борадаги юмушларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир. Негаки, ушбу қарорга биноан “Қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси”ни ташкил этилди ва 2019 — 2023 йиллар мобайнида қизилмия экишни Қорақалпоғистон Республикасида 25000 гектарга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қизилмиянинг балл-бонитети паст бўлган майдонларда экилиши кўрсатиб ўтилди. Чунки 5 йил давомида қизилмия ўстирилган ерда тупроқнинг шўрланганлик даражаси 2,5 баробаргача камайиб, азот, гумус билан тўйинади.

Ҳисоб-китобларга кўра, рентабелсиз бир гектар майдонда 5 йил мобайнида қизилмия ўстириш учун 20 миллион сўм харажат қилиниб, 14 тонна ўсимлик илдизини олиш мумкин. Жаҳон бозорида эса унинг баҳоси юқори. Қолаверса, экин поясидан ҳам 8000 тонна қуруқ маҳсулот олинади. Ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, унумдорлиги ортади. Илдиз ҳосили йиғиштириб олинган ерга бошқа экин экилмаса, зарур агротехника тадбирларини бажариш орқали ўсимликни қайта тиклаш ва ер устидан ҳар йили, ер остидан эса 4 йилдан кейин яна ҳосил йиғиштириб олиш мумкин. Бу эса шу иш билан шуғулланувчи деҳқонлар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам, қисқача айтганда, иқтисодиётимиз учун ниҳоятда фойдали. Давлатимиз раҳбари ташаббуси остида янги босқичга кирган ишлар ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шерзод Aбзалов,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 
Ишлаб чиқариш масалалари бошқарамаси бош мутахассиси 
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech