Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонун моҳияти ҳақида ҳар бир давлат хизматчиси хабардор бўлиши муҳим

Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва улар фаолиятини ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Қонун имзоланишидан бир неча кун аввал, яъни 4 август куни Президент раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, унда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу йиғилишда Давлат раҳбари давлат хизматини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларига тўхталиб, ушбу масала қарийб 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётганлигини қайд этди ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида ушбу Қонун тайёрланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг 10 ноябрь санасидан кучга кирадиган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ходимларга етказилишини таъминлаш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Агентлик марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотларнинг раҳбар-ходимлари иштирокида тушунтириш-тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Офлайн ва онлайн форматда бўлиб ўтган мазкур тадбирга таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш масалалари департаментининг бош инспектори – Шахруз Азимов мавзу юзасидан тақдимот ўтказди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech