Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Тошкентдаги шифохоналардан бирига юртимизда ишлаб чиқарилган ЎСШ аппарати тақдим этилди

Жорий йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳрида Словакия-Россия-Ўзбекистон “Chirana Asia” қўшма корхонасида йиғилган биринчи ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати Ибн Сино номидаги 1-сонли Тошкент шаҳар касалхонасига тақдим этиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари тадбирнинг фахрий меҳмонлари бўлишди.

“Chirana Asia” МЧЖ ҚК “Made in Uzbekistan” (Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган) ёрлиғи остида юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш мақсадида Словакиянинг “Chirana” компанияси ва россиялик шериклари билан биргаликда ташкил этилган. Бундай ишлаб чиқариш Марказий Осиёда биринчи маротаба амалга оширилаётган бўлиб, тиббиёт саноатида импорт ўрнини босишни тезлаштиради.

“Chirana Asia” МЧЖ ҚК томонидан тақдим этилган ўпканинг сунъий шамоллатиш аппаратининг CHIROLOG SV Basic модели “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” ДУКнинг Тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар сифат назорати лабораториясида барча керакли синовлардан ўтди. Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Мутахассислар тиббий асбоб-ускуналарнинг замонавий халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини тасдиқладилар”, - деди Aзиз Дўсматов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фан ва таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.

Корхона вакиллари таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар билан таъминланган сервис марказининг ташкил этилишини, анестезиология соҳасидаги юқори малакали хорижий мутахассисларни таклиф қилиш билан ўпкани суньий шамоллатиш ва нафас олиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича семинарларни ўтказиш режалаштирилганлигини айтишди.

“Ҳозирда шамоллатиш мосламалари 12 мамлакатда ишлаб чиқарилмоқда”, дейди “Chirana+” компанияси бош директори Василий Шимко. “Chirana бренди дунёдаги энг машҳур олтита брендлардан биридир. Бизнинг аппаратларимиз, бошқа моделлардан фарқли ўлароқ, битта босқичли эмас, балки уч босқичли шамоллатишни амалга оширади. Ўзбекистонда бундай заводнинг яратилиши давлатнинг тиббий хавфсизлигини таъминлайди”.

“Chirana Asia” МЧЖ ҚК вакилларининг сўзларига кўра, корхона маҳсулотларини Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Aфғонистонга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.

Маълумот:

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг биринчи босқичида хорижий шериклар томонидан 3 миллион AҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиб, 30 иш ўрни яратилган. Иккинчи босқичда 5-6 миллион AҚШ долларигача сармоя киритиш ва 100 тагача иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech