Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон фармацевтика соҳасида Эфиопия давлати билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

2022 йил 7-11 ноябрь кунлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринборсари Улугбек Эгамов бошчилигидаги делегация Эфиопия давлатида хизмат сафари билан бўлди.

Агентлик вакиллари Аддис-Абеба шаҳрида «USP United States Pharmacopeial Convention-Ethiopia» ташкилоти ҳамда Эфиопия озиқ-овқат ва дори воситалари сифатини назорат қилиш бошқармаси (EFDA) томонидан Хавфга йўналтирилган постмаркетинг назорат тизими (Risk-based post marketing surveillance) ва Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича бўлиб ўтган тадбирда иштирок этишди.

Тадбир давомида EFDAнинг Фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш, Постмаркетинг назорати ва Инспекция бошкармалари, шунингдек Сифат назорати лабораториялари фаолияти билан якиндан танишилди. Учрашувлар давомида EFDA томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш тизимида ташқи ишлаб чиқарувчилар ҳамда қўшма корхоналар учун қатор енгилликлар мавжудлиги маълум бўлди. Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Эфиопия озиқ-овқат ва дори воситаларининг сифатини назорат қилиш бошқармаси (EFDA) ўртасида хамкорлик борасида келишувга эришилди.

Ташриф чоғи делегация аъзолари Аддис - Абеба шаҳри яқинидаги эркин иқтисодий зонада жойлашган «Sansheng Pharmaceutical PLC (SSP)» корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Шунингдек, делегация вакиллари ва Эфиопия мамлакати Импортчилар уюшмаси вакиллари, Ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, шунингдек Клиник синовлар маркази ҳамда Янги дори воситаларини яратиш маркази вакиллари ўртасида давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди.

Таъкидлаш даркорки, аҳолисининг сони 110 млн. га яқин бўлган, фармацевтика маҳсулотларининг импорти ҳажми 90% ни ташкил этувчи Эфиопия давлатининг фармацевтика бозори Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имкониятлар эшигини кенг очиб, Африка китъаси фармацевтика бозорига дадил қадамлар билан кириб боришга замин яратади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фармацевтик маҳсулотларини айнан Эфиопия орқали Африка қитъасига экспорт қилиш бўйича тегишли чоралар кўришни режалаштирган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech