Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистонда илк бор Биринчи Халқаро фармацевтика форуми бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари ваколатхоналарининг Ўзбекистондаги Ассоциацияси ташаббуси билан Тошкентда  Ўзбекистоннинг Биринчи халқаро фармацевтика форуми ўтказилади.

Ушбу анжуман давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорликда юқори салоҳиятли лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Тадбир халқаро ва махаллий ишлаб чиқарувчилар, тартибга солувчилар, дистрибьюторлар, дорихоналар тармоқлари ва бозор экспертлари ўртасида илғор тажриба ва амалиётлар, инновацион усуллар ва технологиялар алмашинуви майдонига айланиши кутилмоқда.

Мазкур форумда 30 дан ортиқ етакчи хорижий компаниялар ва 60 дан зид махаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этишини тасдиқладилар.

Форумда Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, унинг сармоявий имкониятлари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади. Алоҳида эътибор соҳани ривожлантиришга оид давлат сиёсати ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, миллий фармацевтика тармоғига халқаро GMP, GVP, GDP стандартларини жорий этиш мавзуларига қаратилади.

Қатнашчилар, шунингдек, дори-дармон нархини шакллантириш ва рақамли белгилаш жараёнлари ҳамда дори воситалари айланмасини мониторинг қилиш тизими ҳақида билиб оладилар.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг масъул ходимлари, солиқ, божхона ва антимонополия қўмиталарининг экспертлари, мамлакатимиздаги чет эл элчихоналари ва дипломатик корпуслар, хорижий савдо ваколатхоналари, дорихона тармоқларининг вакиллари,  дистрибьюторлар иштирок этишади.

Форум 2022 йил 15-16 июн кунлари «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасининг анжуманлар залида бўлиб ўтади (Ўзбекистон, Тошкент, Навоий кўчаси, 1А).

Шунингдек, форум доирасида Самарканд шахрида 17 июн куни «Avicenna Heritage» Биринчи халқаро доривор ўсимлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади.

Форумда иштирок этиш учун www.uzpharmforum.com расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтишингиз сўралади.

Мурожаат учун: Ишлаб чиқариш масалалари бошқармаси мутахассиси Н.Бегалиев (90) 903-57-50 

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech