Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қўқонда шприц ва тиббий инфузион системалар ишлаб чиқариш заводи иш бошлади

Қўқон шаҳрида тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Life Import” МЧЖ қўшма корхонаси иш бошлади. Бу ерда йилига 100 миллион дона шприц, 30 миллион тиббий инфузион системалар, шунингдек, 33,5 миллион дона тиббиёт маскалари ҳамда бахилалари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Корхонанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Баҳодирхўжа Темиров иштирок этдилар.

Тадбиркор Аҳмаджон Ҳайдаров ташаббуси билан амалга оширилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 5,5 миллион доллар бўлиб, шундан 1 миллион доллари хитойлик сармоядорларнинг тўғридан тўғри инвестициясидир. Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан 1,8 миллион доллар банк кредити тақдим этилди. Ишлаб чиқариш учун Хитойдан энг замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилган.

Икки сменада иш ташкил этиладиган корхонада 120 нафардан зиёд ёшларнинг доимий бандлиги таъминланади.

Ушбу корхонанинг ишга туширилиши билан Фарғона вилоятидаги фармацевтика ва тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони 10 тага етди.

Очилиш тадбиридан сўнг тадбиркор Аҳмаджон Ҳайдаров вилоят раҳбарига “Life Import” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан амалга оширишга киришилаётган янги лойиҳаларни ҳам тақдим этди.

Қиймати 17 миллион доллар бўлган дори воситалари ишлаб чиқариш ташкил этиш лойиҳаси натижасида йилига 180 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 100 дан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Вилоят ҳокими ушбу истиқболли лойиҳани “Қўқон” ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш уни келгуси йил якунига қадар ишга тушириш имконини беришини қайд этди.

Шунингдек, “Life Import” МЧЖ томонидан Чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. 2,5 миллион долларлик лойиҳани амалга оширилиши натижасида 80 нафар янги иш ўрни шакллантирилади ҳамда йилига 300 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қуввати яратилади.

Вилоят ҳокими ҳар икки лойиҳани ҳам амалга ошириш учун тадбиркорга ҳар томонлама кўмак берилишини билдирди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech