Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Улуғбек Эгамов бошчилигидаги экспертлар гуруҳи хизмат сафари билан Латвияда бўлди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов бошчилигидаги экспертлар гуруҳи жорий йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Латвия Республикасида хизмат сафари билан бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан Рига шаҳрида “Made in Uzbekistan” бренди остида ташкил этилган Халқаро савдо миссиясида агентлик экспертлари гуруҳи ва 10 га яқин соҳа корхоналари вакилларидан иборат делегация иштирок этди.

12 сентябрь куни бизнес-форум доирасида агентлик директори биринчи ўринбосарининг “Ўзбекистон Республикасида фармацевтика саноатининг инвестицион жозибадорлиги” мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналарда янги инвесторлар бериладиган имтиёзлар, уларнинг фаолиятини ривожлантириш мақсадида яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўз борди. Хусусан, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.

B2B музокаралар чоғи ўзбекистонлик компаниялар Латвия бозорининг асосий хусусиятлари, ҳамкорлик тажрибаси, Болтиқбўйи ва Европа Иттифоқи мамлакатларига турли саноат тармоқларидан маҳаллий маҳсулотлар етказиб бериш ва ҳамкорлик йўналишлари билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, Латвия Республикасининг “Lotos Pharma”, “PharmaSwiss Latvia, SIA” ва “Merck & Co” корхона вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Музокаралар қатор ижобий натижаларни берди. Хусусан:

“Фазо люкс” МЧЖ корхонаси тиббий маҳсулот экспорти учун Европа сертификати мавжудлигини инобатга олган ҳолда дастлабки хужжатларни тақдим этди.  Латвия Республикасида рўйхатдан ўтгандан сўнг биринчи 500 минг АҚШ долларлик экспорт шартномаси имзоланиши келишиб олинди.

“Dentafill plyus” МЧЖ корхонаси маҳсулотларни Литва бозорига киритиш масаласи ҳамда Швециялик ишбилармон тадбиркорлар билан маҳсулотларни Швеция ва ёндош республикалар бозорларига сотиш бўйича музокаралар ўтказди.

13 сентябрь куни Латвия Республикасининг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири бўлган ҳамда бугунги кунда 20 хилга яқин дори воситалари Ўзбекистонга импорт қилинаётган “Гриндекс” АЖ корхонасига ташриф буюрилди. Ташриф чоғи республикамизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган дори воситаларини маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Болтиқбўйи давлатларининг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири бўлган “Олаинфарм” АЖ ва “Азия Иммунопрепарат” МЧЖ ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғи юртимизда шартнома асосида иммунобиологик ва бактериофаг дори воситаларини ишлаб чиқариш ва улар экспортини йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорлик келишуви лойиҳаси таклиф қилинди.

14 сентябрь куни делегация аъзолари Латвия Республикасининг дори воситалари давлат агентлигига ташриф буюрилди.  

Учрашув давомида Латвия савдо-иқтисодий соҳада давлатлар ўртасида фармацевтика маҳсулотлари айланмасини кенгайтириш ва номенклатурасини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлатлар ўртасида фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишни ўзаро соддалаштириш таклифи берилди.

Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган  ва экспорт салоҳияти юқори бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйҳати Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги дипломатик каналлари орқали Латвия томонига етказилишига келишиб олинди.

“Латвия Республикасининг дори воситалари давлат агентлиги” (Латвия) ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” (Ўзбекистон) томонидан икки давлат корхоналари рўйхатдан ўтказиш учун топширган фармацевтика маҳсулотларининг кўриб чиқилиши бўйича доимий тарзда маълумот алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech