Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантиришга оид лойиҳалар ўрганилди

Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Тошкент вилоятида ўз фаолиятини давом эттириб, қатор йирик инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бугунги ҳолатини ўрганиш, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш, инвестиция, саноат ва экспортни ривожлантириш борасида барча имкониятлардан фойдаланишга оид таклифлар ишлаб чиқишдан иборат эди.

Комиссиянинг сайёр  иши тиббиёт, ветеринария, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳалари учун биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "Росса" МЧЖдан бошланди. Ушбу компания томонидан лойиҳани амалга ошириш жараёнида 5 миллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириш ҳисобига замонавий жиҳозлар ўрнатилди, профессионал мутахассислар жалб қилиниб, уларнинг самарали фаолияти йўлга қўйилди.

2021-2022 йиллардаги пандемия даврида компания CОВИД-19 диагностикаси учун 3,8 миллион ПЦР тест тизимларини етказиб берди. Бу, биринчидан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган диагностика воситаларига ички эҳтиёжни қисман қондириш, иккинчидан, битта тест нархини 2021 йилда 30 минг сўмга, 2022 йилда эса 27 минг сўмга тушириш имконини берди.

Шунингдек, Ҳукумат комиссияси аъзолари компаниянинг янги ишланмалари, жумладан ОИВ, B ва С гепатитлари, одам папилломавируси, сил, герпес ва бошқа инфекцияларни аниқлайдиган ПЦР тест тизимлари билан таништирилди.

Шу куннинг ўзида комиссия аъзолари Зангиота туманидаги 130 гектар майдонда барпо этилаётган “Ташкент Фарма Парк” инновацион илмий фармацевтика кластери қурилиш майдони бўлишди. Ушбу лойиҳа республикада фармацевтика тармоғини ҳар томонлама ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилмоқда. Тақдимотлар чоғида масъул раҳбарлар амалга оширилган ишларнинг натижалари ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритдилар.

Жумладан, кластер ҳудудида Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббиёт техникасини экспертизаси ва стандартлаштириш маркази, илмий марказлар, виварий, Фармацевтика техника университети, ишлаб чиқариш корхоналари, маъмурий бинолар, стадионли спорт мажмуаси ва бошқа иншоотлар қуриш режалаштирилган. Ҳозирда Туркия, Чехия, Ҳиндистон, Хитой ва Ўзбекистоннинг йирик компаниялари ушбу кластерда резидент мақомини олишга қизиқишларини тасдиқлаган. Мазкур компаниялар томонидан умумий қиймати қарийб 200 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Комиссия аъзолари кластернинг ҳар бир таркибий қисми бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати, хар бир объектда қурилиш ишларининг бориши, коммунал тармоқларга уланиш ва бошқа жиҳатларни ўргандилар.

Тадбиркорлар билан мулоқотда бизнеснинг долзарб муаммолари кўтарилиб, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга оид конструктив ғоялар муҳокама қилинди. Масъул раҳбарларга кластер яратишнинг ҳар бир босқичини амалга ошириш бўйича ишларни жадаллаштириш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш орқали тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech