Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ҳамкорлик алоқалари эътибор марказида  

Жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон расмийлари иштирокида бўлиб ўтган виртуал учрашув “Фармацевтика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишланди. 

Ҳиндистонинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашув республика вазирликлари ва идоралари вакилларини видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувда бирлаштирди. 

Учрашувда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан Директор ўринбосари Алишер Темиров, Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Раҳима Мадраимова ва бош мутахассис Жамшид Эшмуродов иштирок этишди.

Алишер Темиров Ҳиндистон томонини республикамизнинг жадал ривожланаётган фармацевтика саноатидаги ҳолат билан таништириб, ушбу соҳасининг сармоявий жозибадорлигига урғу берди. Шунингдек, мамлакатнинг қўшни давлатларга экспорт қилиш учун қулай жойлашганлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Фармацевтика соҳасидаги Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликнинг ҳар йили ўсиб бораётганлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Директор ўринбосари Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасини Ҳиндистондаги фармацевтика компаниялари билан алоқаларни ўрнатишда, шунингдек, янги сармоявий лойиҳаларга замин яратиш мақсадида фармацевтика ишлаб чиқарувчи корхоналари билан форумлар ташкил этишда кўмаклашишга чақирди.

Учрашувда, шунингдек, ҳинд фармацевтика компаниялари билан Ўзбекистонда биотехнологик дори воисталарини, шу жумладан COVID-19 га қарши вакциналарни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Раҳима Мадраимова Агентлик ва Ўзбекистонинг Ҳиндистондаги элчихонаси сайи-ҳаракатлари билан “Bharat Biotech” компанияси билан келишувга эришилганлиги ва вакциналар билан таъминлаш бўйича Меморандум имзоланганлиги ҳақида гапирди. 

Ҳиндистонинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Маниш Прабхат Ҳиндистон фармацевтика компаниялари билан учрашувлар ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилиши режалаштирилган кўргазма ҳақида маълумот берди.

Видеоконференцалоқа учрашуви якунлари бўйича иштирокчилар фармацевтика соҳасида янада яқин ҳамкорлик қилиш ва ўзаро манфаатли ялоқаларни янада ривожлантириш тўғрисида келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech