O‘zbekiston Respublikasi Sog'liqni saqlash vazirligi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi
Ру O`z Ўз En

Fuqarolar va yuridik shaxslar ham Konstitutsiyaviy sudga murojaat etishi mumkin

I.Қонуннинг мақсади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.

II. Қонуннинг мазмун ва моҳияти.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда 9 нафар судьядан иборат бўлади (Илгари 7 нафар эди).

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида 5 йилни, навбатдаги сайланганида 10 йилни ташкил этади.

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Конституциявий суд судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Президент томонидан, Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади.

Илгари ҳар иккала даража ҳам Президент томонидан берилган.

Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.

Ушбу тартиб Конституциявий суднинг судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Илгари ушбу тартиб белгиланмаган эди.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлганда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилиши белгиланди.

Илгари ёпиқ суд мажлисини ўтказиш асослари аниқ кўрсатилмаган эди.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига қуйидагилар киритилди:

▪️ Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
▪️ Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;
▪️ Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.

Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.

Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга мурожаатига ушбу органнинг тегишли қарори илова қилинади.

Мурожаатда:

Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари;

мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари;

қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш;

мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шарҳланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонуни нормасининг матни;

тараф вакилининг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно, шунингдек шахснинг Конституциявий судда вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари.

Мурожаатга суд мажлисига чақирилиши таклиф қилинаётган гувоҳлар, экспертлар ва мутахасcисларнинг рўйхати, суд қарорларининг кўчирма нусхалари, шунингдек бошқа ҳужжатлар ҳамда материаллар илова қилиниши мумкин.

Конституциявий суд мурожаат олинган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай уни ўрганишга киришади.

Конституциявий суднинг раиси келиб тушган мурожаатни ушбу Қонунда қўйилган талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан дастлабки тарзда ўрганишни ва мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари бўйича хулоса тайёрлашни Конституциявий суднинг бир ёки бир нечта судьясига топширади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш конституциявий суд ишларини юритишнинг мажбурий босқичидир.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари юзасидан Конституциявий суд судьясининг (судьяларининг) хулосаси суд мажлисида маъруза қилинади.

Конституциявий суд ишларни суд мажлисида кўришга Конституциявий суднинг камида беш нафар судьяси иштирок этган тақдирда ваколатли бўлади.

Ишни суд мажлисида кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ажрим мурожаат кўриш учун қабул қилинганидан сўнг бир ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech